Республикамизга хизмат сафари билан келган Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Симоне Гигер Нукус шаҳридаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, «Ишонч-2030» лойиҳаси асосида Ўзбекистон ва UNICEF ўртасидаги Давлат дастури доирасида тақдим этилган ўқув жиҳозлари ва анжомлар билан танишди.
Хусусан, мактабда ташкил этилган STEAM синфи, робототехника хонаси ва инклюзив таълим синфида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, жиҳозлар ва уларнинг таълим жараёнида қўлланилиши кўздан кечирилди.
Меҳмонга мазкур лойиҳа доирасида мактабга етказиб берилган жиҳозлар, уларнинг ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳамда замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида ушбу ускуналардан самарали фойдаланиш, ўқувчилар учун замонавий ва инклюзив таълим муҳитини яратиш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими вакиллари ҳам иштирок этди.
Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.


