Чимбой тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳамкорлигида “Оролбўйи ҳудудида инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” лойиҳаси доирасида ўқув-семинар ташкил этилди.
Ўқув-семинар тренингда юрист-консультант ҳамда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари Р.Айбергенов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Ж.Нарбаев, Чимбой тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш маркази ходими Ш.Жийенбаев ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими Чимбой туман бўлинмаси бошлиғи З.Танирбергенова, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Асосий эътибор БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мазмун-моҳиятини тушунтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга тенг имкониятлар яратиш, кундалик ҳаётда учраётган муаммоларнинг ечимини топиш, жамиятда инклюзив тамойилларни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида тўсиқсиз муҳит барпо этиш, шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари фаолияти, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда йўл-йўриқ кўрсатишга қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Ушбу чора-тадбирлар «Инсон қадри учун» тамойили негизида давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва имтиёзларнинг асосини ташкил этади.
Зарухан Танирбергенова,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими
Чимбой туман бўлинмаси бошлиғи.



