Жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу муҳим ҳужжатнинг асосий мақсади ҳудудда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорига фаол жалб этиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ижтимоий мослашувини кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган махсус иш ўринлари (квоталар) ижроси устидан жамоатчилик ва давлат назоратини кучайтириш, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ва муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касблар, жумладан, ИТ технологиялар ва масофавий иш турлари бўйича бепул ўқув курсларини ташкиллаштириш назарда тутилган.
Ҳамкорлигимиз давомида томонлар ушбу меморандум шунчаки расмий ҳужжат бўлиб қолмай, балки инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бири сифатида мустаҳкам кўприк вазифасини ўташини таъкидладилар.
Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.


